12 ноябр куни электр энергияси ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёжнинг 22,2 фоизи табиий газ сарфланмасдан қопланди
2026-11-13 20:40:00 / Янгиликлар

2026-йил 12-ноябр куни мамлакатимизда жами 266,1 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан 59,1 млн кВт·соати ёки 22,2 фоизи қуёш, шамол ва гидроелектр стансиялари ҳамда кичик қувватли қуёш панеллари ҳиссасига тўғри келди.
Энг муҳими, ушбу электр энергияси ҳисобига 15 млн 760 минг куб метр табиий газ тежалди ҳамда атмосферага 33,9 минг тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди.
Албатта, қуёш ва шамол электр стансияларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми об-ҳаво шароитларига боғлиқ. Айрим кунларда қуёш нури ёки шамол тезлиги етарли бўлмагани сабабли ишлаб чиқариш ҳажми камайиши мумкин. Бироқ бу уларнинг аҳамиятини камайтирмайди. Аксинча, ушбу стансияларда ишлаб чиқарилган ҳар бир кВт·соат электр энергияси табиий газни тежаш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва мавжуд энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергетикаси тизимидаги улуши ортиб бориши мавжуд ёқилғи ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш ва мамлакатимизнинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
