Нуротадаги қуёш фотоэлектр станцияси НКМКни «яшил» энергия билан таъминлашга хизмат қилмоқда
2026-11-12 18:55:00 / Янгиликлар

Навоий вилоятининг Нурота туманида жойлашган 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ва 150 МВт/300 МВт·соат сиғимли энергия сақлаш тизими юртимиз энергетика тизимининг муҳим объектларидан биридир. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Президентимиз иштирокида ишга туширилган ушбу станция НКМКнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Лойиҳа Хитойнинг “China Energy Overseas Investment” компанияси билан ҳамкорликда 390 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобидан амалга оширилган. Унда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) эҳтиёжларини қоплашга йўналтирилади.
Қуёш станцияси йилига 657 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бунинг натижасида йилига 175 млн куб метр табиий газ тежалади ва атмосферага 377 минг тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинади.
Бугун энергетика вазири Шерзод Ходжаев мазкур объектда бўлиб, станциянинг ишлаш жараёни, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда энергия сақлаш тизимининг фаолияти билан танишди.
Мазкур лойиҳа йирик саноат корхонасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, табиий газни тежаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.



