Poytaxtda issiqlik energiyasi ishlab chiqarish ishlari reja asosida olib borilmoqda
2026-11-11 18:15:00 / Янгиликлар

Пойтахт аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда.
Бугунги кунда “Иссиқлик электр стансиялари” АЖ таркибидаги Тошкент иссиқлик маркази, Тошкент иссиқлик электр маркази ҳамда пойтахтнинг тўртта туманида жойлашган йирик ва кичик қувватли когенерация марказлари орқали иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
Тошкент иссиқлик маркази пойтахтдаги марказлашган иссиқлик таъминоти тизимига уланган истеъмолчилар эҳтиёжининг 70 фоиздан ортиғини, Тошкент иссиқлик электр маркази эса 16 фоизини таъминламоқда.
Тошкент иссиқлик маркази таркибидаги тўққизта иссиқлик марказининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида жорий йилда 6 та қозон агрегатида мукаммал, 54 тасида эса жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, Тошкент иссиқлик электр марказида 4 та қозон агрегати, 3 та газ поршен агрегати ва 1 та турбоагрегатда таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, улар куз-қиш мавсумига тайёр ҳолатга келтирилди.
Айни пайтда иссиқлик марказларида белгиланган режалар асосида иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари давом этмоқда.
