Тўрақўрғон ИЭСда техник сувни кимёвий тозалаш тизимининг филтрлари янгиланди
2026-11-06 17:15:00 / Янгиликлар

Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида 2026–2027-йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида техник сувни кимёвий тозалаш тизими филтрларини янгилаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, сувни дастлабки тозалашга мўлжалланган ултрафилтрация қурилмасидаги 12 та вертикал филтр тўлиқ янгисига алмаштирилди. Шунингдек, тескари осмос тизимидаги 36 та филтр мембраналари ҳам янгиланиб, зарур техник хизмат кўрсатилди.
Мазкур ишлар электр станциясида ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун тайёрланадиган сув сифатини яхшилаш, унинг таркибидаги тузлар ва бошқа зарарли аралашмаларни самарали ажратиб олиш, шунингдек, турбиналар ва қозон ускуналарини зарарли бирикмалар таъсиридан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Натижада асосий энергетик ускуналарнинг ишончли ишлаши ва хизмат муддатини ошириш, сувни кимёвий тозалаш жараёнида ҳосил бўладиган оқова сувлар ҳажмини камайтириш имконияти яратилади.
Бажарилган ишлар билан бир қаторда, техник сувнинг сифат кўрсаткичлари стансия кимё цехи мутахассислари томонидан лаборатория шароитида таҳлил қилинди.


