Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика ва сув хўжаликлари вазирларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди
2024-10-13 17:15:00 / Янгиликлар

Кеча, 12 октябрь куни Энергетика вазирлигида Ўзбекистон энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қозоғистон энергетика вазири A.Саткалиев, Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазири Н.Нуржигитов ва Қирғиз Республикаси энергетика вазири Т.Ибраев ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлар иштирокида навбатдаги ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Шунингдек, ушбу учрашувда Озарбайжон энергетика вазири ўринбосари К.Aббосов меҳмон сифатида иштирок этди.
Учрашувда мамлакатлар сув-энергетика тизимининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, тармоқлар иш режимларининг графиклари келишилди.
Мазкур тадбирда томонлар ўртасида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, “Қамбарота ГEС-1” қурилиши лойиҳасининг ҳозирги ҳолати ҳамда сув-энергетика балансини мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, учрашувда Хитойнинг «СEEС» компанияси вакиллари билан Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилоятида «Чотқол» ГEС қурилиши юзасидан ўтказилган дастлабки ўрганишлар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Учрашув сўнгида томонлар ўртасида доимий ишчи гуруҳ йиғилишларини ўтказиб туриш ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан “йўл ҳаритаси”ни имзолаш таклиф этилди ҳамда тегишли ҳужжатлар имзоланди.




