Электр энергиясини узатиш тизимида янги йирик инфратузилмавий лойиҳа: қурилиш ишлари якунланди
2026-11-03 16:45:00 / Янгиликлар

Сирдарё ва Тошкент вилоятларида электр энергиясини узатиш тизимининг ишончлилиги ва имкониятларини оширишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси доирасида барча қурилиш ишлари якунланди. Айни пайтда янги обектларни Ўзбекистон ягона энергетика тизимига улаш, созлаш ва ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида 500 кВ кучланишли янги “Ҳалқа” подстанцияси, шунингдек, 220 ва 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқлари барпо этилди. Хусусан, 213 километр узунликдаги 220 кВли ва 72 километр узунликдаги 500 кВли электр узатиш тармоқлари қурилиб, жами 285 километрлик янги тармоқ инфратузилмаси яратилди. Қуввати 1602 МВА бўлган “Ҳалқа” подстанцияси ҳам қуриб битказилди.
Умумий қиймати 171,4 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур инвестиция лойиҳаси Жаҳон банки иштирокида амалга оширилди.
Ушбу лойиҳанинг аҳамияти шундаки, у нафақат янги электр узатиш инфратузилмасини яратиш, балки мамлакат энергетика тизимининг узатиш имкониятларини кенгайтириш, электр энергияси оқимларини янада самарали тақсимлаш ва тармоқнинг барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Айниқса, электр энергиясига бўлган талаб йилдан йилга ортиб бораётган шароитда бундай йирик қувватли подстансия ва юқори кучланишли электр узатиш тармоқларининг барпо этилиши ҳудудларни электр энергияси билан ишончли таъминлаш, мавжуд тармоқларга тушаётган юкламани мақбул тақсимлаш ҳамда келгусида янги ишлаб чиқариш қувватларини энергетика тизимига улаш учун муҳим инфратузилмавий асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳозирда обектларни Ўзбекистон ягона энергетика тизимига интеграция қилиш бўйича якуний ишлар давом этмоқда.







