Абу-Дабида ADIPEC–2026 халқаро кўргазма ва конференсияси бўлиб ўтмоқда
2026-11-02 21:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 2–5-ноябр кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида энергетика соҳасидаги йирик халқаро тадбирлардан бири — ADIPEC–2026 халқаро кўргазма ва конференсияси ўтказилмоқда.
Тадбирда дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатидан 239 минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашмоқда. Кўргазмада 2 260 та компания, жумладан, 54 та миллий ва халқаро энергетика компанияси ҳамда 30 та миллий павилон ўз фаолияти ва ишланмаларини намойиш этмоқда.
Конференсия доирасида энергетика соҳасининг бугунги кундаги долзарб муаммолари, жумладан, энергия хавфсизлигини таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда илғор технологияларни жорий қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилмоқда.
Мазкур халқаро тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Шерзод Ходжаев ҳам иштирок этмоқда. Ташриф доирасида вазир БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳий, “AMEA Power” бошқаруви раиси Ҳусайн Ал Новайс, “ePointZero” бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳишам ҳамда “Etihad Water and Electricity” бош ижрочи директори Юсуф Ал-Али билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва истиқболли йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Шерзод Ходжаев ADIPEC–2026 доирасида ташкил этилган вазирлар давра суҳбатида иштирок этди.



