1-ноябрдан тадбиркорлар электр энергияси ва табиий газ учун 100 фоиз эмас, 15 фоиз олдиндан тўлов амалга оширади
2026-10-31 22:40:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, Президентимизнинг 2026-йил 22-сентябрдаги ПФ–202-сон Фармонига асосан, электр энергияси ва табиий газдан интизомли фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субектлари учун “намунали истеъмолчи” мақоми жорий этилган.
Президентимизнинг 2026-йил 28-августдаги ПФ–175-сон Фармонига мувофиқ, 1-ноябрдан бошлаб ЭҲНАТ ва ТГНҲАТга уланган, масофадан ўчириш ва ёқиш имкониятига эга ҳисоблагичлари мавжуд тадбиркорлик субектлари ойлик электр энергияси ва табиий газ истеъмоли қийматининг 15 фоизини олдиндан тўлайди. Бунда охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаганлар мустасно. Қолган тўловлар ой давомида қисмларга бўлиб амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, мазкур тадбиркорлар учун электр энергияси ва табиий газ сарфи бўйича ёзма ҳисоботларни таъминот корхоналарига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади. Электр энергияси ва газ таъминоти бўйича шартномалар электрон шаклда тузилади, уларни қоғоз шаклида расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
Янги тартиб тадбиркорларнинг айланма маблағларидан самарали фойдаланиш, ортиқча маъмурий жараёнларни қисқартириш ва бизнес фаолиятини янада қулай ташкил этишга хизмат қилади.
