Энергетика вазирлигида “Мен донорман” аксияси ўтказилди
2026-10-22 16:05:00 / Янгиликлар

Бугун Энергетика вазирлигида навбатдаги қон топшириш аксияси бўлиб ўтди. Унда вазирлик ходимлари ихтиёрий равишда иштирок этиб, донорлик орқали беморлар саломатлигини қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Донорлик — инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қиладиган эзгу ташаббус. Айниқса, оғир жароҳатлар олган, онкологик касалликлар билан курашаётган ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётларидан кейин қон қуйишга муҳтож беморлар учун донор қони муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда, Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотларида аҳоли саломатлигини асраш ҳамда инсонпарварлик тамойилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган донорлик аксиялари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Қон топшириш аксияси тадбирлари тиббиёт муассасаларида қон захирасини тўлдириш ва беморларга зарур ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.





