Қашқадарё вилоятида кичик ва микро ГЭС лойиҳалари бўйича тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-10-22 10:45:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида Энергетика вазирлиги вакиллари ҳамда кичик ва микро гидроелектр стансиялари лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган тадбиркор ва ташаббускорлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 28-мартдаги ПҚ–129-сон ҳамда 2026-йил 19-августдаги ПҚ–298-сон қарорларида белгиланган вазифалар ва кичик ҳамда микро гидроенергетикани ривожлантириш бўйича назарда тутилган механизмлар юзасидан ташаббускорларга тушунтиришлар берилди.
Хусусан, кичик ва микро ГЭС лойиҳаларини амалга ошириш тартиби, тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар, лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари, қурилиш ва ишга тушириш жараёнлари ҳамда соҳадаги мавжуд масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, очиқ мулоқот шаклида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган масалалар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида ҳудудда кичик ва микро гидроенергетика лойиҳаларини жадаллаштириш, истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлар билан манзилли ишларни давом эттириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Бундан ташқари Энергетика вазирлиги ходимлари ва ҳудудий комиссия аъзолари билан биргаликда ҳар бир обект жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, унинг сув сарфи, босими, мавсумийлиги, ҳисобий қуввати, ер-кадастр ҳолати ҳамда электр тармоғига уланиш имконияти кўриб чиқилиб, ҳудудий комиссияга тегишли кўрсатмалар берилди.


