Йирик истеъмолчилар учун кундузи электр энергияси арзонлашади
2026-09-26 18:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз фармонига асосан, И тариф гуруҳи истеъмолчилари учун электр энергияси тарифларини сутка даври бўйича ҳисоблаш тартиби ўзгартирилади.
Янги тартибга кўра, соат 09:00 дан 17:00 гача бўлган ярим тиғиз даврда электр энергияси учун тўловда базавий тарифга нисбатан 1,5 баравар камаювчи коэффитсиент қўлланилади. Бу амалдаги тариф бўйича 1 кВт⋅соат учун 1100 сўмдан эмас, 733 сўмдан.
Тунги даврда — соат 22:00 дан 06:00 гача базавий тариф амал қилади.
Бу ўзгаришлар юртимиз энергетика тизимидаги бугунги шароитдан келиб чиқиб амалга оширилмоқда. Кундузги соатларда қуёш ва шамол электр станцияларида электр энергияси кўпроқ ишлаб чиқарилади. Шу вақтда йирик истеъмолчиларнинг электр энергиясидан фойдаланишини рағбатлантириш орқали мавжуд «яшил» энергиядан самаралироқ фойдаланиш имкони яратилади.
Кечки ва тунги соатларда эса қуёш генерацияси камайиши сабабли электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қоплашда иссиқлик электр станцияларининг аҳамияти ортади. Бу эса кўпроқ табиий газ сарфланишини талаб қилади. Кундузги соатларда электр энергиясидан фойдаланишни кўпайтириш эса газга бўлган эҳтиёжни камайтириш, тежаладиган табиий газни эса аҳоли ва бошқа истеъмолчилар эҳтиёжлари учун йўналтириш имконини беради.
Янги тартиб, аввало, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга кундузги вақтда электр энергиясидан янада қулай шартларда фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш учун қўшимча имконият яратади. Бу эса корхоналарнинг фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва тадбиркорларнинг даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Шу тариқа, янги тартиб бир томондан тадбиркорлар учун кундузги вақтда электр энергиясидан янада қулай шартларда фойдаланиш имконини яратса, иккинчи томондан мавжуд энергетика ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланишга хизмат қилади.
Эслатма: И тариф гуруҳига асосий ва захира электр таъминоти учун уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган йирик истеъмолчилар киради.
