Олмаота шаҳрида “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳаси бўйича уч томонлама музокараларнинг учинчи давраси бўлиб ўтди
2026-09-24 09:40:00 / Янгиликлар

2026 йил 21–23 сентябрь кунлари Олмаота шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси энергетика, сув хўжалиги ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасида “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича ҳукуматлараро битим лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган уч томонлама музокараларнинг учинчи давраси бўлиб ўтди.
Музокараларда уч мамлакатнинг энергетика, сув ресурслари, ташқи ишлар соҳаларига масъул давлат органлари, шунингдек, бошқа манфаатдор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этди. Жаҳон банки вакиллари ҳам музокараларда кузатувчи сифатида қатнашиб, ҳукуматлараро битим лойиҳасини тайёрлаш жараёнида техник кўмак кўрсатмоқда.
Музокараларнинг учинчи давраси доирасида ҳукуматлараро битим лойиҳасининг асосий қоидалари, жумладан, лойиҳани биргаликда амалга ошириш ва бошқариш механизмлари, молиялаштириш, томонларнинг мажбуриятларини тақсимлаш ҳамда уч давлат ўртасидаги кейинги ҳамкорликни мувофиқлаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
“Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув-энергетика соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, энергетика тизимларининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда сув ресурсларидан самарали ва ўзаро манфаатли фойдаланиш механизмларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, 2026 йил 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан музокараларида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланди. Унда “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаш ва уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди. Мазкур вазифа бугунги кунда уч мамлакат ўртасида лойиҳа бўйича ҳукуматлараро битимни келишиш ва уни амалий жиҳатдан тайёрлаш борасидаги музокараларда изчил давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, ҳукуматлараро битим лойиҳаси бўйича биринчи музокаралар 2026 йил 31 март — 2 апрель кунлари Бишкек шаҳрида, иккинчи давраси эса 28–30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган. Олмаотадаги учинчи давра уч мамлакатнинг “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш шартларини келишиш бўйича изчил музокараларининг навбатдаги босқичи бўлди.





