Ўзбекистон ва Озарбайжон нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштиради
2026-09-18 09:00:00 / Янгиликлар

Кеча, 17 сентябрь куни Боку шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Шерзод Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Озарбайжон Республикасининг SOCAR компанияси президенти Ровшан Наджаф ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг жорий йил 23–24 август кунлари бўлиб ўтган учрашувларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, давлат раҳбарларининг дўстона ташаббусларини амалий натижалар билан бойитиш мақсадида энергетика ва нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Август ойидаги саммит якунида имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққанлиги алоҳида таъкидланди.
Хусусан, SOCAR компанияси билан Ўзбекистонда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ривожлантириш, Устюртдаги инвестиция блокларида олиб борилаётган геологик-қидирув ишларининг бориши ва уларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, SOCAR ва Ўзбекистон компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда, шунингдек, давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида нефтни қайта ишлаш қувватларини барпо этиш, нефть хомашёси ва нефть маҳсулотлари импортини ташкил этиш масалалари юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Мазкур йўналишлардаги лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва ишларни амалга ошириш суръатлари таҳлил қилиниб, келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни янада жадаллаштириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.


