Қаттиқ маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш ташкил этилади
2026-09-15 16:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг 2026 йил 14 сентябрда “Хоразм вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–328-сон қарори қабул қилинди.
“Green Hammer Co., Ltd” компанияси (Корея Республикаси) (Инвестор) томонидан “Хоразм вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳаси (Лойиҳа) доирасида хорижий корхона (Лойиҳа компанияси) таъсис этилган.
Қарорга кўра, электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ:
Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини 30 йил давомида «Ўзэнергосотиш» АЖга кафолатланган тарзда сотади;
Лойиҳа компанияси Лойиҳа доирасида электр станциясини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун зарур бўлган ҳаво электр узатиш тармоқлари ва тегишли электр инфратузилмаси қурилмаларини “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан бериладиган техник шартлар асосида қуради ва ишга туширилгандан сўнг уларни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга топширади;
Лойиҳа компанияси электр станциясини ишга туширишдан олдин “Миллий диспетчерлик маркази” ДУК ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда унинг электр энергетика тизимига таъсирини баҳолаш бўйича техник хулоса тайёрлайди ҳамда мазкур хулоса асосида тармоққа уланишнинг якуний шартлари келишилади;
«Ўзэнергосотиш» АЖ 30 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда миллий валютада харид қилади;
Агентлик Лойиҳа компаниясига 30 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни кафолатланган ҳажмда етказиб беради;
Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 7 млн АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали банк кафолатини тақдим этади.
