Ўзбекистон ва Франция ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
2026-09-11 10:15:00 / Янгиликлар

Кеча, 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Шерзод Ходжаев Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар икки мамлакат Президентларининг сиёсий иродаси ва эзгу ташаббуслари асосида изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Ушбу муносабатлар барча соҳаларда, хусусан, энергетика йўналишида ҳам ўзининг амалий натижаларини намоён этаётгани, икки мамлакат ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик изчил ва жадал ривожланаётгани қайд этилди. Шунингдек, француз компаниялари Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича дастлабки йирик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этаётгани таъкидланди.
Хусусан, Франциянинг «TotalEnergies» компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида 100 МВт, «Voltalia» компанияси билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари, «EDF» компанияси билан ҳамкорликда эса Сирдарё вилоятида 1 573 МВт қувватли иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.
Музокаралар давомида француз компаниялари иштирокида Ўзбекистонда анъанавий ва «яшил» энергетика, шунингдек, нефть-газ соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Мавжуд ташаббусларни жадаллаштириш ҳамда ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни изчил илгари суриш, мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.


