Суюлтирилган газ етказиб беришда рақобат кучаяди
2026-09-07 16:30:00 / Янгиликлар

Суюлтирилган газ етказиб бериш тизимида хусусий сектор иштироки кенгайтирилади. Бунинг учун Андижон вилоятида хусусий операторларни жалб этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади.
Хизматларни камида икки оператор кўрсатиши, истеъмолчилар учун мобил илова ва онлайн хизматлар йўлга қўйилиши белгиланади.
Операторларда зарур лицензия ва рухсатномалар ҳамда малакали муҳандис-техник ходимлар бўлиши талаб этилади.
Аҳолига хизмат кўрсатиш учун истеъмолчилар сони ва ҳудудий масофалардан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган шохобчалар ташкил этилади.
Шунингдек, суюлтирилган газни етказиб бериш графиги аниқ йўлга қўйилади, ҳисоб-китоблар рақамлаштирилади ва тақсимотнинг шаффофлиги таъминланади. Сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олди олинади.
Андижон вилоятидаги пилот лойиҳа натижалари асосида ушбу тажриба бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Натижада суюлтирилган газни етказиб бериш муддати қисқаради, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ошади ва таъминот тизимида шаффофлик таъминланади.
