“Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ВИ очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–175-сон, 27.08.2026-y.) қабул қилинди.
2026-08-29 12:15:00 / Янгиликлар

Фармонга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб:
Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) ҳамда Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига (ТГНҲАТ) уланган, масофадан ўчириш (ёқиш) имкониятига эга ҳисоблагичи бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан:
☑️ электр энергияси ва табиий газнинг ойлик истеъмоли учун олдиндан тўланадиган ҳақ миқдори 15 фоиз этиб белгиланди
(охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаганлар бундан мустасно);
☑️ электр энергияси ва газ сарфи тўғрисидаги ёзма ҳисоботларни ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналарига топшириш мажбурияти бекор қилинди.
Истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаларини электрон тузиш орқали уларни почта орқали юбориш амалиёти бекор қилинди.
Шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий эълон қилинди, бундан жиноят иши доирасида, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш (қайтариш) ва тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар мустасно.
Мораторий амал қилиш даврида:
☑️ кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади ва ушбу ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади;
☑️ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан “Самарали назорат” тадбири ўтказилади. Бунда:
♻️ назорат органларининг охирги 3 йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқилади;
♻️ ўрганиш якунлари бўйича назорат органлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар бўйича ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрилади;
♻️ текширув ўтказиш тартиби бузилган ҳамда ноқонуний текширувлар аниқланган ҳолларда фаолияти текширилган тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.
