Ўзбекистонда шамол энергетикаси ривожланмоқда
2026-08-28 18:10:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Ўзбекистонда 7 та шамол электр станцияси ишга туширилган бўлиб, уларнинг умумий қуввати 1 872 МВтни ташкил этади.
Мазкур шамол электр станциялари Навоий ва Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент вилоятида барпо этилди. Бу лойиҳалар юртимиз энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Хусусан, 2023–2024 йилларда Навоий вилоятининг Томди туманида 500 МВт, 2024–2025 йилларда Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та ҳамда 52 МВт қувватли 1 та (жами 1052 МВт), 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 100 МВт, 2026 йилда эса Қораўзак туманида 200 МВт ҳамда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 20 МВт қувватли шамол электр станциялари ишга туширилди.
Ушбу шамол электр станциялари ишга туширилгандан буён бугунги кунга қадар жами 8,2 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг натижасида 2,1 млрд куб метр табиий газ тежалди ҳамда атмосферага 4,7 млн тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди.
«Яшил» энергия улушининг ортиб бориши — Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Бу йўналиш энергия манбаларини диверсификация қилиш ва замонавий энергетика тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
