Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси ва энергия сақлаш тизими ишга туширилди
2026-08-27 13:30:00 / Янгиликлар

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Президентимиз бошчилигида Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 200 МВт қувватли шамол электр станцияси ҳамда 100 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
263 млн доллар қийматидаги лойиҳа Саудия Арабистонининг «ACWA» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Янги шамол электр станцияси Қорақалпоғистондаги иккинчи шамол электр станцияси ҳисобланади.
Унинг ишга туширилиши натижасида йилига 701 млн кВт·соат ёки 292 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилади. Шунингдек, йилига 187 млн куб метр табиий газ тежалади ва 403 минг тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилиши олди олинади.
Қорақалпоғистонда илк бор 100 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
Тизим орқали электр энергиясини бир кунда икки маҳал, 2 соатдан 100 МВт (200 МВт·соат) қувватда захиралаш ва ундан электр тармоғидаги юклама юқори бўлган вақтларда тизим барқарорлигини таъминлаш учун фойдаланиш имконияти яратилди. Лойиҳалар доирасида 25 та доимий иш ўрни яратилди.
Маълумот учун, Қорақалпоғистондаги биринчи 100 МВт қувватли шамол электр станцияси ҳам 2025 йил 5 декабрь куни Президентимиз бошчилигида ишга туширилган эди.
