Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика: 35 йиллик тараққиёт, янги имкониятлар ва амалий натижалар
2026-08-19 16:50:00 / Янгиликлар

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида мамлакатимиз энергетикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар салмоқли натижалар билан намоён бўлмоқда. Бугун “яшил” энергетика нафақат янги электр қувватларини яратиш, балки табиий ресурсларни тежаш, аҳоли ва тадбиркорларга янги иқтисодий имкониятлар яратиш, ижтимоий объектларни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди.
Қайта тикланувчи энергетика учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Мустақиллик йилларида юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш давлат энергетика сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида шаклланди. Айниқса, сўнгги йилларда соҳани рағбатлантириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг “яшил” энергиядан фойдаланишини кенгайтиришга қаратилган аниқ механизмлар жорий этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 сентябрдаги ПФ-220-сон Фармони билан аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия қурилмаларини жорий этишни иқтисодий рағбатлантиришнинг янги механизмлари яратилди.
Ушбу ҳужжат асосида қурилмаларни харид қилиш харажатларини компенсациялаш, маҳаллий ускуналарни имтиёзли ва фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш асосида харид қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқарилган электр энергиясидан самарали фойдаланиш учун амалий ҳуқуқий пойдевор шакллантирилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июндаги 247-сон қарори билан жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларига қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини ягона электр энергетика тизимига сотиш имконияти берилди.
Аҳоли учун жорий этилган “Қуёшли хонадон” дастури эса бу жараёнга янги мазмун берди. Тармоққа узатилган ҳар 1 кВт·соат электр энергияси учун 1 000 сўм субсидия тўланиши механизми фуқароларни оддий истеъмолчидан электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва ундан иқтисодий манфаат кўрувчи иштирокчига айлантирди.
Соҳадаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-939-сон “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 январдаги 13-сон ва 2024 йил 24 августдаги 528-сон қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги ПФ-152-сон Фармони билан изчил давом эттирилди.
Натижада электр энергетикасини бозор тамойиллари асосида трансформация қилиш, хусусий инвестиция ва рақобатни кенгайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи янгиланган ҳуқуқий ва институционал тизим шаклланди. Бу эса соҳанинг самарадорлиги, шаффофлиги ва инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Кичик қувватли қуёш энергетикасида 2,5 ГВтдан ортиқ янги қувват яратилди. 2026 йил 13 август ҳолатига кўра, 2023–2026 йилларда республика бўйича жами 2 508 МВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди. Ушбу панеллар ҳисобидан 4 млрд 715 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Бунинг натижасида 1 млрд 271 млн куб метр табиий газ тежалди ва 2 млн 711 минг тонна иссиқхона газларининг атмосферага чиқарилиши олди олинди.
Бу рақамлар “яшил” энергетиканинг мамлакат энергетика балансидаги ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Яъни қайта тикланувчи энергия манбалари бир вақтнинг ўзида электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш, табиий газдан тежамкор фойдаланиш ва экологик юкламани камайтириш имконини бермоқда.
Ўрнатилган қувватлар таркиби ҳам “яшил” энергетиканинг кенг қатламларни қамраб олаётганини кўрсатади. Жумладан, ижтимоий соҳа ва давлат идораларида 478,8 МВт қуёш панеллари ва 2 821,8 минг литр гелиоколлекторлар, аҳоли хонадонларида 664,5 МВт қуёш панеллари ва 2 122 минг литр гелиоколлекторлар ўрнатилди.
Маҳаллий тадбиркорлик субъектларида 1 330,9 МВт, кўп квартирали уйларда эса 36,4 МВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди.
2026 йилда ҳам ўсиш суръатлари юқори. Жорий йилда кичик ва тақсимланган генерацияни ривожлантириш бўйича ишлар янада жадаллашди.
2026 йил бошидан 13 августга қадар республикада қўшимча 509,78 МВтдан ортиқ янги қуёш панеллари ишга туширилди. Бу кичик ва тақсимланган генерацияни ривожлантириш бўйича йиллик топшириқнинг муддатидан олдин ортиғи билан таъминланганини кўрсатади.
Эришилган суръатлар асосида йил якунига қадар жами 700 МВт янги қувватни ишга тушириш, йиллик режани 175 фоизга бажариш ва белгиланган кўрсаткични 300 МВтга ортиғи билан таъминлаш имконияти яратилди.
Шу асосда 2026 йил якунига республикадаги кичик қуёш қурилмаларининг умумий қувватини 2 700 МВтга етказиш учун мустаҳкам амалий асос шаклланмоқда.
“Яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳам ортиб бормоқда. Янги қувватларнинг ишга туширилиши табиий равишда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажмида ҳам акс этмоқда.
2026 йил учун қуёш панеллари ҳисобидан 2 млрд 143 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш белгиланган. Жорий йилнинг январь–июнь ойларидаёқ 1 млрд 403,1 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, йиллик кўрсаткичнинг 65,5 фоизи таъминланди.
Бу йилнинг биринчи ярмидаёқ йиллик прогнозни бажариш учун зарур суръат яратилганини кўрсатади. Иккинчи ярим йилликда қўшимча 739,9 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш вазифаси белгиланган.
Мавжуд ўсиш суръатлари сақланганда, 2023–2026 йилларда қуёш панеллари ҳисобидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг жами ҳажми йил якунида 5 млрд 37,9 млн кВт·соатга етиши кутилмоқда.
“Яшил” энергетика аҳоли ва бизнес учун иқтисодий манфаат манбаига айланмоқда. Қайта тикланувчи энергетиканинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унинг аҳоли ва тадбиркорларга тўғридан-тўғри иқтисодий манфаат келтираётганидир.
2023–2025 йилларда жисмоний ва юридик шахсларга тармоққа узатилган электр энергияси учун жами 462,1 млрд сўм тўлаб берилди. Шундан “Қуёшли хонадон” дастури доирасида аҳолига 222,9 млрд сўм, юридик шахсларга эса 239,3 млрд сўм тўланди.
2026 йил январь–июль ойларида эса тўловлар ҳажми кескин ошди — жами 632,7 млрд сўм. Шундан аҳолига 436,7 млрд сўм, юридик шахсларга 196 млрд сўм тўланди.
Юридик шахсларга ҳисобланган маблағнинг 48 млрд сўми электр энергиясидан мавжуд қарздорликни қоплашга йўналтирилди.
Эътиборлиси, 2026 йилнинг атиги етти ойида амалга оширилган тўловлар 2023–2025 йиллардаги жами тўловларнинг 137 фоизига тенг бўлди. Бу аҳоли ва бизнеснинг “яшил” энергиядан олаётган тўғридан-тўғри иқтисодий манфаати сезиларли даражада ошганини кўрсатади.
Эришилган суръатлардан келиб чиқиб, 2026 йил якунида тўловлар ҳажми 725,6 млрд сўмга етиши кутилмоқда. Шундан аҳолига 506,2 млрд сўм, яъни жами тўловларнинг 69,8 фоизи, юридик шахсларга эса 219,3 млрд сўм, яъни 30,2 фоизи тўланиши прогноз қилинмоқда.
Шу тариқа, 2023–2026 йилларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига амалга оширилган тўловларнинг умумий ҳажмини 1 трлн 187,7 млрд сўмга етказиш учун асос яратилмоқда.
2026 йил январь–июль ойларида “Қуёшли хонадон” дастури доирасида энг катта тўловлар Бухоро вилоятида — 81,0 млрд сўм, Хоразм вилоятида — 79,7 млрд сўм, Қорақалпоғистон Республикасида — 51,6 млрд сўм, Қашқадарё вилоятида — 49,1 млрд сўм ва Навоий вилоятида — 34 млрд сўм миқдорида амалга оширилди.
“Яшил” энергетика ижтимоий ҳимоя воситасига ҳам айланмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш фақат иқтисодий самара билан чекланмаяпти. Энергетика вазирлиги ташаббуси билан инвестиция лойиҳалари доирасида Корпоратив ижтимоий масъулият — CSR тамойиллари асосида ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли хонадонлари ва “оғир” маҳаллаларда қуёш панелларини беғараз ўрнатиш амалиёти ҳам йўлга қўйилди.
Бугунги кунга қадар 1 411 та аҳоли хонадонида 3 331,86 кВт, 120 та ижтимоий соҳа объектида 3 157,5 кВт ҳамда 21 та маҳаллада 4 200 кВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.
Бу лойиҳалар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ва тиббиёт муассасаларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш, харажатларни камайтириш ва айрим ҳолларда қўшимча даромад олиш имконини бермоқда.
Шу маънода, “яшил” энергетика аҳоли фаровонлигини ошириш ва манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги амалий воситасига айланмоқда.
Бу йўналишда кейинги босқичда ҳам ишлар давом эттирилади. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 101 та ижтимоий соҳа объектида 1 500 кВт, 837 та аҳоли хонадонида 1 872,12 кВт ва 26 та маҳаллада 5 200 кВт; Бухоро вилоятида 198 та ижтимоий соҳа объектида 1 178,95 кВт ва 5 та маҳаллада 1 000 кВт; Сирдарё вилоятида 149 та ижтимоий соҳа объектида 1 026,21 кВт ва 205 та хонадонда 447,3 кВт; Тошкент вилоятида 5 та ижтимоий соҳа объектида 81,54 кВт ва 44 та хонадонда 99,44 кВт; Навоий вилоятида 39 та ижтимоий соҳа объектида 500 кВт, 120 та хонадонда 265,02 кВт ва 6 та маҳаллада 1 200 кВт; Самарқанд вилоятида 75 та ижтимоий соҳа объектида 1 000 кВт, 141 та хонадонда 310,2 кВт ва 8 та маҳаллада 1 600 кВт қуёш панелларини ўрнатиш белгиланган.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида — янги энергетик имкониятлар. Бугун қайта тикланувчи энергетика Ўзбекистонда алоҳида-алоҳида лойиҳалар йиғиндисидан кенг қамровли миллий йўналишга айланиб бормоқда. Яратилган ҳуқуқий база, янги қуёш қувватлари, ишлаб чиқарилаётган “яшил” электр энергияси, тежалаётган табиий газ, аҳоли ва бизнесга тўланаётган маблағлар ҳамда ижтимоий объектлар ва маҳаллаларда амалга оширилаётган лойиҳалар бу жараённинг амалий натижаларини кўрсатмоқда.
2 508 МВт қуёш қувватининг яратилиши, 4 млрд 715 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши, 1 млрд 271 млн куб метр табиий газ тежалиши ва 2 млн 711 минг тонна иссиқхона газлари чиқиндисининг олди олиниши — мамлакат энергетикасидаги ўзгаришларнинг муҳим кўрсаткичларидир.
Энг муҳими, “яшил” энергетика энди фақат давлат ёки йирик энергетика компанияларининг вазифаси эмас. У хонадон эгаси, тадбиркор, ижтимоий соҳа вакили ва бутун маҳалланинг энергетик жараёндаги иштирокини кенгайтириб, ҳар бир фуқаро учун янги иқтисодий имкониятлар яратмоқда.
Бу эса Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида мамлакатимиз энергетикасида барқарорлик, тежамкорлик, замонавий технологиялар ва инсон манфаатларига асосланган янги босқич шаклланаётганининг муҳим ифодасидир.
АЗИМЖОН ЗАЙДУЛЛОЕВ,
Энергетика вазирлигининг
Қайта тикланувчи энергия манбаларини
ривожлантириш бўлими бошлиғи
