Режалаштирилган ишлар қандай амалга оширилмоқда? Мирзо Улуғбек тумани мисолида
2026-08-12 09:20:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр ва газ тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш, ҳисоб-китоб тизимидаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Электр таъминотида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Туманда 109 мингдан ортиқ истеъмолчига хизмат кўрсатувчи электр тармоқлари, 12 та подстанция, 16 та тақсимлаш пункти ва 1 275 та трансформатор пункти мавжуд. Тадбирлар доирасида 49 та трансформатор пункти жорий таъмирланди, 9 та трансформаторнинг юкламаси қайта тақсимланди, 2 та трансформатор пунктининг қуввати 630 кВАга оширилди.
Шунингдек, 431 та электр ҳисоблагич АСКУЭ тизимига мос янги ҳисоблагичларга алмаштирилди. Алоқадан чиққан 2 411 та ҳисоблагичдан 1 259 таси қайта алоқага киритилди, 5 та концентратор ўрнатилди ва 2 тасининг СИМ-карталари янгиланди. Бу ишлар истеъмолни аниқ ҳисобга олиш ва ҳисоб-китобларни янада шаффоф юритишга хизмат қилади.
Маҳаллалардаги энергетика муаммолари ҳам манзилли ўрганилмоқда. Хусусан, Алишеробод, Чингелди, Ижодкор ва Иқтидор маҳаллаларида электр узатиш тармоқларига дарахт шохлари тегиб қолиши билан боғлиқ 33 та ҳолат аниқланиб, бартараф этилди.
Газ таъминотида ҳам инфратузилмани яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Туманда 101 мингдан ортиқ истеъмолчига хизмат кўрсатувчи 392 та газ тақсимлаш пункти ва қарийб 690 км газ тармоғи мавжуд. Тадбирлар давомида 7 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 2,5 км қўшқатор газ қувурлари тартибга келтирилди, 4 та газ сизиб чиқиш ҳолати бартараф этилди.
Шу билан бирга, АСКУГ тизимидаги муаммоларни камайтиришга ҳам эътибор қаратилди. Алоқа билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлган 3 496 та газ ҳисоблагич бўйича бу кўрсаткич 1 231 тага қисқартирилди. Туман бўйича жами 430 та хонадон икки босқичли тизимга ўтказилди.
Ижтимоий объектларнинг энергия самарадорлиги ҳам алоҳида ўрганилмоқда. Тумандаги 145 та ижтимоий соҳа объектидан 52 таси ўрганилиб, уларнинг электр таъминоти, юкламаси, энергия истеъмоли ва ҳисоб-китоб тизими таҳлил қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, 59 та мактабгача таълим муассасасига жами 201 та геоколлектор ўрнатилган бўлиб, уларнинг умумий ҳажми 23 420 литрни ташкил этади.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига ҳам чек қўйилмоқда. Тезкор рейд тадбирлари давомида электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 99 та ҳолат аниқланди. Улар бўйича белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.
Қарздорликни камайтириш бўйича ҳам натижалар қайд этилмоқда. Тадбирлар бошидан аҳоли ва юридик истеъмолчиларнинг электр энергияси бўйича муддати ўтган қарздорлигидан 1,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилди. Газ таъминоти бўйича аҳоли истеъмолчиларидан 548 млн сўм қарздорлик қайтарилди. Шунингдек, улгуржи истеъмолчиларнинг қарздорлиги 230,9 млрд сўмдан 80,2 млрд сўмга туширилди.
Технологик йўқотишларни камайтириш бўйича ҳам аниқ чоралар кўрилмоқда. Электр тармоқларида юкламаларни қайта тақсимлаш, қўлбола усулда ўрнатилган 53 та ўтказгични замонавий сақлагичларга алмаштириш, трансформаторларнинг паст кучланишли қисмида ажратгичлар ва 59 та кабель учликларини ўрнатиш ишлари бажарилди. Газ тармоқларида эса ер ости қувурларини мобил лаборатория ёрдамида хатловдан ўтказиш, қўшқатор тармоқларни қисқартириш ва эскирган газ зулфинларини замонавий шарсимон кранларга алмаштириш белгиланган.
Мазкур ишлар Мирзо Улуғбек туманида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш, ҳисоб-китобларни аниқлаштириш ва аҳоли ҳамда тадбиркорларни электр энергияси ва табиий газ билан янада ишончли таъминлашга қаратилган.




