Режалаштирилган ишлар қандай амалга оширилмоқда? Давлатобод тумани мисолида
2026-08-11 20:25:00 / Янгиликлар

Наманган вилоятининг Давлатобод туманида электр ва табиий газ таъминотини яхшилаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳисоб-китобларни аниқлаштириш ҳамда тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Электр таъминотида ҳисобга олиш тизимининг барқарор ишлашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманда АСКУЭ тизимига уланган 57 347 та электр ҳисоблагичдан 4 603 таси — шундан 3 263 таси аҳоли ва 1 340 таси улгуржи истеъмолчиларнинг ҳисоблагичлари — тизим билан алоқа қилмаётгани аниқланган.
Олиб борилган ишлар натижасида 1 128 та ҳисоблагичнинг АСКУЭ тизимига қайта уланиши таъминланди. Шундан 779 таси аҳоли, 349 таси улгуржи истеъмолчиларга тегишли. Ўрганишлар давомида 36 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш аниқланиб, жами 355,6 минг кВт·соат электр энергияси тегишли тартибда ҳисобга киритилди.
Газ таъминотида ҳам ҳисоб-китоб ва маълумот узатиш тизимларини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Тумандаги АСКУГ тизимига уланган 40 457 та газ ҳисоблагичдан 216 таси тизимга маълумот узатмаётгани аниқланган. Уларнинг 32 таси АСКУГ талабларига жавоб берадиган янги ҳисоблагичларга алмаштирилди.
Қолган 184 та ҳисоблагич кўп қаватли уйлардаги хонадонларга тўғри келади. Ушбу хонадонларнинг айримларида мавсумий яшаш ҳолатлари мавжудлиги сабабли АСКУГ тизимига мос ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Шунингдек, маълумот узатмаётган 940 та қурилманинг узлуксиз ишлаши тикланди.
Қарздорликни камайтириш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига туманда электр энергиясидан дебитор қарздорлик 43,3 млрд сўмни ташкил этган. Тадбирлар бошидан 3,4 млрд сўм қарздорлик ундирилди.
Табиий газ бўйича дебитор қарздорлик 4 394,9 млн сўмни ташкил этиб, тадбир бошидан 343,4 млн сўмга камайган. Тадбирлар давомида дебитор қарздорлиги мавжуд истеъмолчилардан қарздорлик ундирилиши ҳамда тўлов интизомини мустаҳкамлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Электр энергиясини кам миқдорда истеъмол қилаётган хонадонлар ҳам манзилли ўрганилмоқда. Туманда ойига 50 кВт·соатдан кам электр энергияси истеъмол қиладиган 11 612 та хонадон мавжуд. Шундан 1 894 таси ўрганилиб, 11 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш аниқланган. Натижада 230,7 минг кВт·соат электр энергиясининг тегишли тартибда ҳисобга олиниши таъминланди.
Тармоқ инфратузилмасининг техник ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам ишлар давом эттирилмоқда. Тумандаги 781,9 км электр узатиш тармоқларининг техник ҳолати ўрганилиб, таъмирталаб ва юқори хавф тоифасига киритилган участкаларда босқичма-босқич таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, 327 та трансформатор пункти мавжуд бўлиб, уларнинг таъмирталаб ҳолатлари ўрганилиб, белгиланган дастур асосида таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Жумладан, «Олмазор» подстанциясидан чиқувчи «Фаровон» ҳамда «Трансформатор» подстанциясидан чиқувчи «Шишаки» фидерларига уланган истеъмолчиларни янада сифатли ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида трансформатор пунктлари ва электр тармоқларида таъмирлаш, дарахт шохларидан тозалаш ҳамда юкламаларни оптималлаштириш ишлари амалга оширилди.
Давлатобод туманида олиб борилаётган мазкур ишлар электр ва газ таъминотининг барқарорлигини ошириш, энергия ресурсларини аниқ ҳисобга олиш, ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, қарздорликни камайтириш ҳамда мавжуд тармоқлардан янада самарали фойдаланишга қаратилган.






