Режалаштирилган ишлар қандай амалга оширилмоқда? Фарғона тумани мисолида
2026-08-06 10:00:00 / Янгиликлар

Фарғона туманида ташкил этилган махсус штаб фаолияти доирасида газ ҳамда электр таъминотидаги мавжуд муаммоларни манзилли бартараф этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Газ таъминоти бўйича: Туманда газ тармоқларини оптималлаштириш ишлари доирасида 47,5 км қўшқатор газ қувурлари демонтаж қилиниб, ягона узатиш тизимига ўтказилди.
Газ таъминотининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 262 та хонадон икки босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилди. 137 та эски ва самарасиз газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилинди.
Алоқада муаммоси мавжуд бўлган 808 та аҳоли газ ҳисоблагичининг алоқаси тикланиб, қарийб 100 минг куб метр табиий газ ҳисобини биллинг тизимига қайта йўналтириш таъминланди.
Суюлтирилган газ таъминотида даврийлик юқори бўлган маҳаллаларга қўшимча ресурслар йўналтирилиб, 2 489 та истеъмолчига 49,7 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Истеъмолчилар билан манзилли ишлаш натижасида 305,5 млн сўм дебитор қарздорлик ундирилди, қарздорликларни қисқартириш ишлари прокуратура ва МИБ органлари билан ҳамкорликда давом эттирилмоқда.
Электр таъминотида бўйича: Туманда электр таъминотини яхшилаш мақсадида 73 та трансформатор пункти ва 41,1 км электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирланди.
Шунингдек, 89 та ҳисоблагич АСКУЭ тизимига мослаштирилди, 447 та ҳисоблагичнинг алоқаси тикланиб, маълумотларнинг автоматик узатилиши қайта йўлга қўйилди.
Тадбир бошланганидан буён 2,7 млрд сўм дебитор қарздорлик ундирилди.
Ўрганишлар давомида табиий газ таъминотида 4 та, электр таъминоти соҳасида эса 17 та ноқонуний ҳолат аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилиб, барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
