Истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда тезкорлик, сифат ва қайта алоқа устувор вазифа бўлади
2026-08-05 21:30:00 / Янгиликлар

Электр ва газ таъминоти соҳасидаги 1154 ва 1104 Салл-марказлари фаолияти бўйича ўтказилган сўровноманинг дастлабки натижалари истеъмолчиларни энг кўп қийнаётган масалаларни аниқ кўрсатди. Мурожаатларнинг асосий қисми электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳамда АСКУЭ ва АСКУГ тизимлари билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, Салл-марказга уланишдаги қийинчиликлар, кутиш вақтининг узоқлиги, мурожаатлар бўйича тезкор ва аниқ маълумот олиш ҳамда қайта алоқанинг етарли эмаслиги каби масалалар қайд этилди.
Шу муносабат билан Энергетика вазири "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖда бўлиб, истеъмолчилар билан ишлаш жараёнлари ҳамда Салл-марказлар фаолиятини жойида ўрганди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖда Салл-марказ фаолиятини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, операторлар сонини мавжуд мурожаатлар ҳажмидан келиб чиқиб ошириш, электр таъминоти тизимининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда истеъмолчиларга тезкор, аниқ ва тўлиқ маълумот тақдим этиш механизмларини йўлга қўйиш, режали ва авариявий ўчиришлар ҳақида мобил илова орқали истеъмолчиларни тезкор хабардор қилиш, шунингдек, истеъмолчиларга электр тармоқларида юзага келган носозлик ва авариявий ҳолатлар ҳақида мобил илова орқали хабар юбориш имкониятини яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, Салл-марказнинг ишлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш ҳамда уни ривожланган Салл-марказлар талабларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий хизмат кўрсатиш тизимига айлантириш вазифаси қўйилди.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖда табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимида амалга оширилаётган рақамлаштириш ишлари ҳамда истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш жараёнлари билан танишилди. Жумладан, Вазиятлар маркази фаолияти, газ таъминоти тизимини узлуксиз назорат қилиш, тезкор таҳлил ва бошқарув қарорларини қабул қилиш механизмлари кўриб чиқилди. Шунингдек, "АрГИС Онлайн бошқарув" тизими орқали газ таъминоти инфратузилмасини реал вақт режимида мониторинг қилиш, авария ва носозликларни тезкор аниқлаш, диспетчерлик бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тизим самарадорлигини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Колл-марказ фаолиятида мавжуд имкониятларга қўшимча равишда ишлаб чиқилаётган мобил хизматлар ва сунъий интеллект ечимларини амалиётга жорий этиш, рақамли хизматларни кенгайтириш ҳамда истеъмолчилар билан қайта алоқа механизмларини такомиллаштириш юзасидан топшириқлар берилди.
Шунингдек, истеъмолчилар учун мобил илова орқали таклиф ва мулоҳазалар юбориш имкониятини яратиш, мавжуд хизматларни такомиллаштириш ва янги рақамли хизматларни жорий этиш бўйича фойдаланувчилар фикрини мунтазам ўрганиб бориш вазифаси қўйилди.
Таъкидланганидек, истеъмолчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари аҳоли эҳтиёжларига мос, қулай ва замонавий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.



