Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларининг электр таъминотидаги узилиш қисқа вақт ичида қайта тикланди
2026-08-05 17:20:00 / Янгиликлар

Бугун соат 15:17 да Тошкент шаҳридаги 110 кВли «Л-Навоий-2» электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган.
Бунинг оқибатида Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилган.
Маълум бўлишича, носозликка қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилотнинг махсус техникаси ҳайдовчиси томонидан хавфсизлик техникаси талабларига риоя этилмагани сабаб бўлган. Оқибатда электр узатиш тармоғига шикаст етказилган.
Энергетиклар томонидан тезкор чоралар кўрилиб, соат 15:49 да электр таъминоти муқобил манбалар орқали тўлиқ тикланган.
Ҳурматли истеъмолчилар, айрим ҳолларда электр тармоқлари яқинида хавфсизлик қоидаларига риоя этмасдан олиб борилаётган қурилиш ва бошқа ишлар ҳам истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилишларга сабаб бўлади.
Энг муҳими, бу каби қоидабузарликлар нафақат электр таъминотига, балки инсон ҳаётига ҳам жиддий хавф туғдиради. Электр тармоқлари яқинида махсус техникалар билан хавфсизлик талабларига амал қилмасдан ишлаш оғир бахтсиз ҳодисаларга, ҳатто инсоннинг кучланиш остида қолиб ҳаётдан кўз юмишига ҳам олиб келиши мумкин.
Шу боис, агар электр узатиш тармоқлари яқинида махсус техникалар билан хавфсизлик қоидаларига риоя этилмаган ҳолда ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлсангиз, бефарқ бўлманг. Имкон қадар уларни эҳтиёткорликка чақиришингизни сўраймиз.
Ҳар биримизнинг ҳушёрлигимиз инсонлар ҳаёти ва электр таъминоти барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.
