Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда мурожаатлар кўриб чиқилди
2026-08-05 12:30:00 / Янгиликлар

2026 йил 4 август куни “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали биносида Энергетика вазирлигининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти видеоконференсалоқа орқали ўтказилди.
Унда Энергетика вазирлиги вакиллари, шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг Тошкент шаҳар филиаллари масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан электр ва газ таъминоти билан боғлиқ мурожаат ҳамда таклифлар кўриб чиқилди. Уларнинг аксарияти юзасидан жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, амалий ечимлар белгиланди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар назоратга олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Мазкур очиқ мулоқотлар тадбиркорларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш ҳамда энергетика соҳасида давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.



