Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари янада такомиллаштирилди
2026-07-31 10:25:00 / Янгиликлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 апрелдаги 213-сон қарори билан мазкур қоидаларга бир қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Янги тартиблар 2026 йилнинг 31 июлидан кучга киради.
Хўш, бу ўзгаришлар нимани англатади? Истеъмолчилар учун қандай енгилликлар яратилади? Қандай янги талаблар жорий этилмоқда?
Келинг, бу ҳақда содда ва тушунарли тарзда тўхталиб ўтамиз.
Биринчи муҳим ўзгариш. Электр таъминоти тизими босқичма-босқич янги модел асосида ташкил этилади.
Қоидаларда шу пайтгача ишлатиб келинган “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” атамаси ўрнига “таъминотчи” атамаси қўлланилади.
Бу шунчаки ном алмашиши эмас. Ушбу ўзгариш келажакда электр энергияси бозорида бир нечта таъминотчи фаолият юритиши мумкин бўлган рақобатли тизимга босқичма-босқич ўтиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Натижада электр таъминоти тизими янада замонавий ва самарали модел асосида ривожланади.
Иккинчи муҳим ўзгариш. Электр таъминоти шартномалари энди электрон шаклда расмийлаштирилади.
Янги тартибга кўра, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги шартнома электрон шаклда тузилади.
У электрон ҳужжат айланиш тизими орқали истеъмолчига юборилади. Шартноманинг намунавий шакли эса Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Бунинг натижасида ортиқча қоғозбозлик қисқаради, шартнома расмийлаштириш тезлашади, давлат идораларига боришга эҳтиёж камаяди ҳамда инсон омили сезиларли даражада қисқаради.
Учинчи муҳим ўзгариш. Электр таъминоти шартномаларини электрон базага киритиш мажбурий бўлади.
Янги тартибга мувофиқ, расмийлаштирилган ҳар бир шартнома бир иш куни ичида таъминотчининг электрон базасига киритилади. Бу маълумотларни хавфсиз сақлаш, уларнинг йўқолиши ёки ўзгартирилишининг олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Тўртинчи муҳим ўзгариш. Корхона ёки ташкилот бошқа манзилга кўчганда янги тартиб амал қилади.
Маиший истеъмолчилардан ташқари барча истеъмолчилар эгаллаб турган бинони топшириш, сотиш ёки бошқа сабабларга кўра бўшатса, бу ҳақда таъминотчини олдиндан ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
Шунингдек, кўчиб кетишдан аввал электр энергияси учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши лозим.
Шундан кейин электр таъминоти тўхтатилади, янги эгасига эса электр таъминоти белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилади.
Бу эса аввалги истеъмолчининг қарздорлиги янги мулк эгаси зиммасига ўтиб кетиши каби баҳсли ҳолатларнинг олдини олади.
Бешинчи муҳим ўзгариш. Электр тармоқларининг муҳофаза зонасида жойлашган ноқонуний объектларга электр таъминоти шартномаси тузилмайди.
Бу, аввало, электр хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда электр тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Олтинчи муҳим ўзгариш. Субистеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби аниқ белгиланмоқда.
Янги тартибга кўра, электр энергиясининг технологик сарфи бўйича ҳисоб-китоблар шартномада белгиланиши ёки томонларнинг ўзаро келишувига асосан амалга оширилиши мумкин.
Бу, айниқса, саноат зоналари, бизнес марказлари ва бир нечта истеъмолчи битта тармоқ орқали электр энергияси оладиган объектлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Еттинчи муҳим ўзгариш. Қоидабузарликларни аниқлаш жараёнида инсон омили янада қисқартиради.
Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларида ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори, «Е-далолатнома» электрон тизими орқали автоматик ҳисобланади.
Фақат техник имконият бўлмаган ҳолатдагина махсус комиссия
ҳисоб-китобни амалга оширади. Бу эса ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлайди.
Саккизинчи муҳим ўзгариш. Ҳисоблагич вақтинча ечиб олинганда ҳам электр таъминоти тўхтаб қолмайди.
Агар ҳисоблагич текширув ёки бошқа сабабларга кўра вақтинча ечилса, таъминотчи вақтинчалик ҳисоблагич ўрнатиши ёки ўртача кунлик истеъмол асосида ҳисоб-китоб юритиши мумкин.
Бунда бу давр бир ойдан ошмаслиги белгиланган. Бу истеъмолчининг электр таъминоти узлуксиз давом этишини таъминлайди.
Тўккизинчи муҳим ўзгариш. Ҳисоблагичга ноқонуний аралашув аниқланса, чоралар қатъийлаштирилади.
Агар ҳисоблагич ёки ўлчов трансформаторига ташқи таъсир кўрсатилгани аниқланса, истеъмолчи белгиланган тартибда электр тармоғидан узилади ва тегишли далолатнома расмийлаштирилади.
Бу ҳалол истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда электр энергиясини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Ўнинчи муҳим ўзгариш. Ҳисобга олинмаган электр энергияси энди техник маълумотлар асосида ҳисобланади.
Агар ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилгани ёки уланиш схемаси ўзгартирилгани аниқланса, ҳисоб-китоб ҳисоблагич хотираси, Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ) маълумотлари ва бошқа техник манбалар асосида амалга оширилади.
Бу ҳисоб-китобларнинг аниқлиги ва адолатлилигини таъминлайди.
Ўн биринчи муҳим ўзгариш. Айрим оғир қоидабузарликлар учун зарар миқдори янада қатъий тартибда ҳисобланади.
Жумладан, шартномасиз тармоққа уланиш, ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиш ёки ҳисоблагичдан ташқари уланиш каби ҳолатлар аниқланса, ҳисобга олинмаган электр энергияси амалдаги тарифнинг уч баравари қўлланган ҳолда қайта ҳисобланади.
Муҳими, бу тартиб барча истеъмолчиларга эмас, балки қоидаларни қасддан бузган ҳолатларга нисбатан қўлланилади.
Ўн иккинчи муҳим ўзгариш. Реактив энергия бўйича ҳисоб-китоблар янада аниқлаштирилмоқда.
Компенсация учун қўлланиладиган чегирмалар ва устамалар қайси истеъмолчиларга татбиқ этилиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Бу тартиб, асосан, юқори қувватда электр энергияси истеъмол қилувчи йирик корхоналарга тааллуқли бўлиб, маиший истеъмолчилар учун амалдаги тартиб сақланиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ўзгартишларнинг асосий мақсади электр энергияси соҳасида хизматларни тўлиқ рақамлаштириш, ҳисоб-китобларнинг аниқлиги ва шаффофлигини ошириш, ноқонуний электр энергияси истеъмолига қарши курашни кучайтириш ҳамда таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларни замонавий электрон тизимлар асосида янада соддалаштиришдан иборатдир.
Ойбек Қўчқоров,
Энергетика вазирлиги бош юрисконсульти
