Кун рақами: «Яшил» энергия 7 млрд кВт⋅соатга етди — бу ўтган йилнинг мос давридагидан 23%га кўп
2026-07-24 10:20:00 / Янгиликлар

Юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, «яшил» энергетикани изчил ривожлантириш ҳамда «яшил» иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш устувор йўналишлардан бирига айланди. Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ушбу йўналишда мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Бугунги кунда соҳага жалб этилаётган йирик инвестициялар, замонавий технологиялар ва халқаро ҳамкорлик лойиҳалари самарасида «яшил» энергетика жадал суръатларда ривожланмоқда. Бу нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, балки табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самарасида бугунги кунда юртимизда умумий қуввати 5 602 мегаватт бўлган 21 та «яшил» электр станция, жумладан, 15 та қуёш электр станцияси (3 930 МВт) ва 6 та шамол электр станцияси (1 672 МВт) ишга туширилди.
Натижада қуйидаги кўрсаткичларга эришилди:
-
2022 йилда – 434 млн кВт⋅соат,
-
2023 йилда – 576,9 млн кВт⋅соат,
-
2024 йилда – 4,9 млрд кВт⋅соат,
-
2025 йилда – 10,5 млрд кВт⋅соат,
-
2026 йилнинг январь–июль ойларида – 7 млрд кВт⋅соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилди.
Натижада, сўнгги 4 йил ва 2026 йилнинг бугунги кунига қадар жами 23,4 млрд кВт⋅соатдан ортиқ «яшил» энергия ишлаб чиқарилган.
Бу эса, қарийб 6,24 млрд куб метр табиий газ тежалишига ҳамда атмосферага қарийб 13,46 млн тонна зарарли газлар чиқарилишининг олди олинишига хизмат қилган.
Бу кўрсаткичлар юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошираётганини, балки табиий ресурсларни тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам салмоқли ҳисса қўшаётганини кўрсатади.
