«Яшил» энергетика соҳасида Ўзбекистон–Хитой қўшма илмий-тадқиқот лабораторияси очилди
2026-07-22 17:40:00 / Янгиликлар

Бугун, 22 июль куни Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида “Ўзбекистон–Хитой қўшма илмий-тадқиқот лабораторияси”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Хитой Халқ Республикаси Ички Мўғилистон ҳукумати ва Ички Мўғилистон технологиялар университети раҳбарлари ҳамда мутахассислари, қатор олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов, Ички Мўғулистон Автоном ҳудуди партия қўмитаси котибининг ўринбосари Ши Гуангҳуи, Ички Мўғилистон технологиялар университети вице-президенти, профессор Гуо Ҳонгфеи сўзга чиқиб, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг аҳамиятига тўхталдилар.
Лаборатория Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитойнинг Ички Мўғилистон технологиялар университети ҳамкорлигида “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида ташкил этилди.
Унинг фаолияти доирасида қуёш, шамол ва водород энергетикаси, энергия сақлаш технологиялари, ақлли энергия тизимлари ҳамда сунъий интеллект йўналишларида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, замонавий лабораторияларни ташкил этиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш режалаштирилган.
Шунингдек, мазкур лаборатория Марказий Осиёда энергия технологияларини намойиш этиш платформасини шакллантириш, илғор технологияларни маҳаллийлаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги илмий-инновацион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.






