Энергетика тизимида ёшлар бандлиги ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган янги ташаббуслар бошланди
2026-07-18 10:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг ёшлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотларида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Энергетика вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари битирувчилари учун очиқ мулоқот ва бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Унда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёқилғи-энергетика тармоғи учун малакали кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Тадбирда Тошкент давлат техника университети, I.M.Gubkin номидаги Нефть ва газ университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети ҳамда I.D. Менделеев номидаги Кимо-технология университетининг профессор-ўқитувчилари ва 130 нафардан ортиқ битирувчи ёшлар иштирок этди.
Учрашувда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, «Ўзенергосотиш» АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ҳамда “Миллий диспетчерлик маркази” ДУК раҳбарлари иштирок этиб, ўз ташкилотларидаги бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари, касбий ривожланиш имкониятлари ҳамда соҳадаги истиқболли йўналишлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Очиқ мулоқот давомида ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилиниб, соҳада ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб олинди. Жумладан:
➖олий таълим муассасаларини тамомлаган, аммо бандлиги таъминланмаган ёшларни энергетика тизимидаги йирик корхона ва ташкилотларда кафолатли иш ўринлари билан таъминлаш;
➖“1000 та масалага — ёшлардан 1000 та ечим” лойиҳаси доирасида тизим ташкилотларидаги долзарб муаммолар бўйича очиқ инновацион танловлар ташкил этиш, энг яхши технологик ечимлар муаллифларини муносиб рағбатлантириш;
➖ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритаётган истиқболли мутахассислар орасидан “100 нафар ёш энергетик”ни саралаб олиш, уларни нуфузли хорижий компаниялар ва халқаро ташкилотларда стажировка ўташга юбориш ҳамда муваффақиятли якунлаган ёшларни раҳбар кадрлар захирасига киритиш.
Шунингдек, тармоқ учун рақобатбардош ва замонавий билимларга эга мутахассислар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳамда мазкур олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Тадбир очиқ мулоқот руҳида ўтиб, ёшлар ўзларининг инновацион ғоя ва таклифлари билан фаол иштирок этдилар. Соҳада меҳнат фаолиятини бошлаш истагини билдирган 100 нафардан ортиқ битирувчи бевосита иш берувчи ташкилотлар раҳбарларига бириктирилди. Шунингдек, 80 нафардан ортиқ ёш акциядорлик жамиятлари ва уларнинг тизим ташкилотларида мавжуд бўш иш ўринлари бўйича суҳбатларга таклиф этилди.
Мазкур тадбир ёқилғи-энергетика соҳаси учун малакали кадрлар захирасини шакллантириш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг билим ва салоҳиятини амалиёт билан уйғунлаштириш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.



