Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди: ёзги истеъмол ҳажми қишдаги максимум истеъмол ҳажмини ортда қолдирди
2026-07-15 12:45:00 / Матбуот анжуманлари

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ягона энергетика тизимида ёзги мавсум учун электр энергияси истеъмоли 284 миллион кВт·соатга етиб, янги рекорд қайд этилди. Ушбу кўрсатгич кечаги ёзги рекорддан (278,6 млн кВт·соат) ва қишки максимумдан (283 млн кВт·соат) ҳам ошди.
Яъни, 2026 йил 13 июль куни ёз мавсумида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан 5,4 миллион кВт·соатга ёки 1,94 фоизга кўпни ташкил қилган бўлса, 2026 йил 24 январь куни қиш мавсумида қайд этилган тарихий максимал даражадан эса 1 миллион кВт·соатга кўпни ташкил этди.
Маълумот учун: 2026 йил 14 июль куни суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 287,3 миллион кВт·соатни ташкил этди. Бу кўрсаткич ҳам қишки максимум ишлаб чиқариш ҳажмидан (277,6 млн кВт·соат) 9,7 миллион кВт·соатга ёки 3,49 фоизга кўпни ташкил қилган.
Юқори истеъмол даврида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида энергетика корхоналарининг авария-таъмирлаш бригадалари кучайтирилган тартибда ишлаб, электр тармоқларидаги носозлик ва авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этишмоқда.
Хусусан, кеча айрим ҳудудларда, жумладан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Сергели ва Олмазор туманларидаги айрим электр тармоқларида юзага келган носозликлар энергетиклар томонидан тезкор бартараф этилди. Шунингдек, соат 15:18 да Қашқадарё вилоятининг Қарши, Косон, Кўкдала, Қамаши, Ғузор, Китоб ва Чироқчи туманларида кучли шамол таъсирида ўчган айрим тармоқлар соат 17:30 дан бошлаб босқичма-босқич қайта тикланди.
Бундан ташқари, белгиланган дастурлар асосида мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида ҳудудлар бўйлаб энергетика объектларида модернизация-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бунда электр станциялар, подстанциялар, трансформатор пунктлари, электр узатиш тармоқлари ҳамда қурилмаларини янгилаш, уларнинг қувватларини ошириш каби қатор режали ишлар бажарилмоқда. Бу эса, истеъмолчиларни мавсумда электр энергияси билан таъминлаш ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Юқори истеъмол вақтларида айрим ҳудудларда электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган техник носозликлар сабабли электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилиши мумкин.
Шу муносабат билан истеъмолчилардан электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишларини сўраймиз. Айниқса, кондиционерни 24–26°C ҳароратда ишлатишни, унинг фильтрларини мунтазам тозалаб туришни эслатиб ўтамиз. Бу эса қурилманинг самарали ишлашини таъминлайди, электр энергияси сарфини камайтиради, тармоқларнинг ортиқча қизиб кетишининг олдини олади ва инсон саломатлиги учун ҳам мақбул шароит яратади.
Энергетиклар электр таъминотини барқарор сақлаш учун узлуксиз меҳнат қилишда давом этади. Сиздан эса фақат бир нарса — ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг, иссиқ кунларда саломатликка эътиборли бўлинг ҳамда электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланинг. Бу билан биргаликда электр таъминоти барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшамиз.
