Ўзбекистонда ёзги электр энергияси истеъмоли бўйича янги рекорд қайд этилди
2026-07-14 11:35:00 / Матбуот анжуманлари

Юртимизда кузатилаётган юқори иссиқ ҳаво шароитида Ўзбекистон ягона энергетика тизимида ёзги мавсум учун электр энергияси истеъмоли бўйича янги рекордлар қайд этилди.
Хусусан, 13 июль куни суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 281,5 миллион кВт·соатни ташкил этди.
Республика бўйича суткалик электр энергияси истеъмоли эса 278,6 миллион кВт·соатга етди. Бу ўтган ёзги мавсумда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан 6 миллион кВт·соатга ёки 2,2 фоизга кўп.
Маълумот учун, аввалги ёзги рекорд 2025 йил 18 июль куни қайд этилган бўлиб, ўшанда республикада электр энергиясининг суткалик истеъмоли 272,6 миллион кВт·соатни ташкил этган. Ўша куни ҳаво ҳарорати марказий ҳудудларда +40 °С гача, чўлли ҳудудларда эса +42…44 °С гача кўтарилган бўлиб, жорий йилнинг 13 июлида ҳам худди шундай ҳарорат кузатилди.
Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг ошиши муносабати билан яқин кунларда электр энергияси истеъмоли ва тизим юкламаси бўйича янги рекорд кўрсаткичлар қайд этилиши кутилмоқда.
Юқори истеъмол даврида электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида энергетика корхоналари томонидан кучайтирилган иш режими жорий этилган. Ҳудудларда навбатчилик асосида фаолият юритувчи махсус авария-таъмирлаш бригадалари электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Айрим ҳудудларда электр тармоқларида юзага келаётган техник носозликлар сабабли электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилиши мумкин.
Шунингдек, барча истеъмолчилардан электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишларини сўраймиз.
Айниқса, энг юқори юклама соатларида зарурат бўлмаган электр жиҳозларини ўчириб туриш орқали ҳар биримиз электр тармоқларига тушаётган юкламани камайтириш, электр таъминоти барқарорлигини сақлаш ҳамда узилишларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшишимиз мумкин.
