Энди давлат хизматидан бўшаган ходимларни ишга қабул қилишда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосасини олиш мажбурий бўлади
2026-07-09 13:00:00 / Янгиликлар

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг буйруғи билан тасдиқланган “Давлат органи ёки ташкилотида меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходимни ўзи назоратни амалга оширган ташкилотларга ишга қабул қилишда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасидан хулоса олиш тартиби тўғрисида”ги Низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга кўра, давлат органи ёки ташкилотидан бўшаган ходимни икки йил давомида у бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширган ташкилотга ишга қабул қилишда иш берувчининг кадрлар бўлинмаси ходим аввал фаолият юритган ташкилотнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси хулосасини олиши мажбурий этиб белгиланди.
Агар ишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилса, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосаси танловда инобатга олинади.
Ички назорат бўлинмасининг хулосаси олинмаган тақдирда, ходимни ўзи бевосита ёки билвосита назорат қилган ташкилотга ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Мазкур хулоса ходим фаолият юритган ташкилотнинг кадрлар бўлинмаси, касаба уюшмаси ҳамда юридик бўлинмаси (мавжуд бўлса) билан мажбурий тартибда келишилади.
Низом билан коррупциявий хавфларни баҳолашнинг ягона мезонлари жорий этилди. Унга кўра, ҳар бир ҳолат бўйича хавф даражаси баҳоланиб, натижасига қараб ишга қабул қилишга розилик бериш, муайян чекловлар билан розилик бериш ёки ишга қабул қилишни рад этиш тўғрисида хулоса расмийлаштирилади.
Унга кўра, ички назорат бўлинмаси хулоса беришда ишга қабул қилиш билан боғлиқ коррупциявий хавф даражасини «паст»,«ўрта» ва «юқори» тоифалар бўйича баҳолайди ҳамда қуйидаги хулосалардан бирини беради:
– ижобий – ишга қабул қилишга розилик берилади (коррупциявий хавф даражаси «паст» бўлса);
– чекловли ижобий – муайян чекловлар белгиланган ҳолда ишга қабул қилишга розилик берилади (коррупциявий хавф даражаси «ўрта»бўлса);
– салбий – ишга қабул қилиш рад этилади(коррупциявий хавф даражаси «юқори» бўлса).
Ходим коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосасидан норози бўлган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки Коррупцияга қарши курашиш агентлигига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Низомнинг амалиётга жорий этилиши давлат органлари ва ташкилотларида “айланма эшик” (револвинг доор) билан боғлиқ коррупциявий хавфларни камайтириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ҳалоллик ва холислик тамойилларини мустаҳкамлаш , шунингдек, давлат хизматида очиқлик ва шаффофликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Низом расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
