Франция билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди
2026-07-08 18:50:00 / Янгиликлар

Бугун, 8 июль куни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Франциянинг “MEDEF International” ташкилоти ҳузуридаги Ўзбекистон–Франция Ишбилармонлар кенгаши раиси Клод Имовен ва Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга амалга оширган давлат ташрифи ҳамда икки давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган ишончли мулоқот Ўзбекистон–Франция ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиққанини таъкидладилар.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг яқинда Францияга амалга оширган ташрифи ва Франция Президенти Эммануэл Макрон билан учрашуви ҳам икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини илгари суришга хизмат қилаётгани қайд этилди. Таъкидланганидек, олий ва юқори даражадаги мулоқотлар иқтисодиётнинг турли тармоқлари, хусусан, энергетика соҳасидаги шерикликни изчил кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Бугунги кунда Франция Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда француз компаниялари иштирокида умумий қиймати 2 млрд АҚШ долларига тенг 3 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, қиймати 1,8 млрд АҚШ долларига тенг яна 6 та истиқболли лойиҳа бўйича ишлар давом этмоқда. Натижада икки мамлакат ўртасидаги энергетика соҳасидаги қўшма ташаббуслар портфели 4 млрд АҚШ долларидан ошди.
Учрашувда «EDF» компанияси билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 3,1 ГВтдан ортиқ бўлган замонавий буғ-газ электр станцияларини барпо этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда истеъмолчиларни барқарор электр таъминоти билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, “TotalEnergies” ва “Voltalia” компанияларининг Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди. Улар қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда энергия сақлаш тизимларини барпо этиш бўйича лойиҳаларда фаол иштирок этиб, юртимизнинг «яшил» энергетикани ривожлантириш бўйича стратегик мақсадларига эришишда ишончли ҳамкор сифатида фаолият юритмоқда.
Учрашув доирасида Франциянинг энергетика ва саноат соҳаларида фаолият юритувчи қатор компаниялари ўз тақдимотларини ўтказдилар. Унда замонавий технологиялар, инновацион ечимлар, инвестиция имкониятлари ҳамда Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар тақдим этилди. Томонлар мазкур ташаббусларни амалий жиҳатдан кўриб чиқиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар давомида замонавий энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватлари, магистраль электр тармоқлари ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш, саноат ҳамда газ транспорти инфратузилмасини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, муҳандислик, кадрлар тайёрлаш ва илғор тажриба алмашиш йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорлик салоҳияти янада кенг эканини қайд этиб, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.


