Тошкент шаҳрида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди
2026-06-25 21:00:00 / Янгиликлар

25-июнь куни Тошкент шаҳрида Энергетика вазирлиги томонидан тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда Энергетика вазирлигининг Электр энергиясини ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Саидатҳам Анваров, шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг Тошкент шаҳар филиаллари масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ мурожаат ҳамда таклифлар билдирилди. Уларнинг асосий қисмига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, амалий кўмак кўрсатилди.
Қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар назоратга олиниб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорларни қийнаётган масалаларни бевосита ўрганиш, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш ҳамда энергетика хизматлари сифатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.



