Бишкек шаҳрида ШҲТ мамлакатлари энергетика вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди
2026-06-19 13:30:00 / Янгиликлар

19 июнь куни Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар энергетика вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирок этди.
Йиғилиш давомида ШҲТ мамлакатлари ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тянсзин шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши саммитида илгари сурилган ШҲТга аъзо давлатлар Энергетика консорциумини ташкил этиш ташаббусини алоҳида таъкидлади.
Мазкур ташаббус доирасида ШҲТга аъзо давлатлар Энергетика консорциумини ташкил этиш концепцияси лойиҳаси тақдим этилди.
Таъкидланганидек, консорциум қўшма ташаббусларни мувофиқлаштириш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи очиқ ҳамда амалий механизмга айланиши кутилмоқда.
Муҳокамалар якунида мазкур ҳужжатни биргаликда ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, Қирғиз томони Бишкек шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар учун энергия самарадорлиги ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича Минтақавий марказ ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Иштирокчилар минтақанинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор энергетик ривожланишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
