«Масдар» компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳий билан учрашув бўлиб ўтди
2026-06-17 13:30:00 / Янгиликлар

В Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Бирлашган Араб Амирликларининг «Масдар» компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳий билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг бориши, энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда янги инвестиция ташаббусларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар «Масдар» компанияси билан ҳамкорлик сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг «яшил» энергетика соҳасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидладилар. Бугунги кунда компания иштирокида юртимизда умумий қуввати 1 247 МВт бўлган 5 та қуёш ва 500 МВт қувватли 1 та шамол электр станцияси, шунингдек, 63 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилган бўлиб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини экологик тоза электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини барпо этиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Музокаралар чоғида қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, энергия сақлаш тизимларини кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда инвестициявий шерикликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар амалга оширилаётган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.


