Энергетика вазирлигида ёшларнинг инновацион лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди
2026-06-11 10:00:00 / Янгиликлар

Энергетика вазирлигида I.M.Gubkin номидаги нефть ва газ университети талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув доирасида талабалар томонидан ишлаб чиқилган инновацион лойиҳалар тақдим этилиб, уларнинг амалий аҳамияти ва истиқболлари юзасидан муҳокамалар ўтказилди.
Тадбирда вазирлик мутахассислари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ вакиллари, шунингдек, университет раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Тақдимот давомида талабалар тўртта инновацион лойиҳа билан таништирди. Хусусан, хлорелла микросув ўти ёрдамида сув ҳавзаларини нефть ифлосланишидан тозалаш, узоқ ҳудудларда жойлашган нефть-газ объектларидаги ходимларнинг соғлиги ва геолокациясини автоматлаштирилган тарзда назорат қилиш, кичик кимёвий лабораториялар учун мобил газ анализаторини яратиш ҳамда малака ва меҳнат бозори ўртасидаги интеграцияни таъминловчи «СкиллБридге» платформасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди.
Учрашув давомида ёшларнинг илмий-инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли ғояларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда уларни тармоқ корхоналари фаолиятига интеграция қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Талабалар томонидан илгари сурилган таклиф ва ишланмалар мутахассислар томонидан ижобий баҳоланиб, уларни янада такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбир якунида ёшлар ва соҳа мутахассислари ўртасидаги бундай мулоқотлар инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда энергетика тармоғига замонавий ечимларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Президентимиз топшириғига мувофиқ, ҳар пайшанба куни вазирлик ва идораларда “Ёшлар куни” доирасида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ҳамда “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбирлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.



