Хитойда кам углеродли ва тоза энергетика бўйича халқаро ўқув-семинарлар давом этмоқда
2026-05-23 10:00:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари мутахассислари Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги кўмагида Хитой нефть университети (Пекин) билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро ўқув-семинарларда иштирок этмоқда.
Семинарлар “Ривожланаётган мамлакатлар учун паст углеродли энергетика, углерод чўққиси ва углерод нейтраллигига ўтиш” ҳамда “2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш — тоза энергия” мавзуларига бағишланган бўлиб, унда Осиё, Африка, Европа ва Тинч океани минтақасидаги қатор давлатлар вакиллари иштирок этмоқда.
Навбатдаги сессияларда иқлим ўзгариши шароитида энергетик трансформация, «яшил» технологияларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда энергия тизимларини экологик барқарор ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Хитой нефть университети профессори Пенг Бо томонидан “Иқлим ўзгариши шароитида энергетик трансформация учун асосий технологиялар ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (УНФССС), Киото протоколи, Париж келишуви ҳамда углерод нейтраллигига эришиш бўйича глобал мақсадлар хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, семинар доирасида “Иқлим ўзгариши ва энергетик ўтиш”, “Иқлим ўзгариши шароитида халқаро ҳамкорлик”, “Энергетик ўтиш учун асосий технологиялар” каби мавзуларда маърузалар ташкил этилди. Уларда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, углерод чиқиндиларини қисқартириш, энергия сақлаш технологиялари ҳамда «яшил» инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича илғор ёндашувлар тақдим этилди.
Пекин шаҳрида “Инновациялар энергетик трансформацияни ҳаракатга келтиради, технологиялар эса яшил келажак сари етаклайди” шиори остида ўтказилган “2-Энергетик инновациялар конференцияси — 2026” халқаро анжуманида ҳам Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди. Конференцияда дунёнинг турли мамлакатларидан 300 дан ортиқ олимлар, академиклар, энергетика соҳаси экспертлари ва саноат вакиллари қатнашди.
Тадбирда Хитой Фанлар академияси академиги Ҳан Бухинг “яшил кимё” ва глобал барқарор ривожланиш ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳақида сўз юритиб, саноат, илм-фан ва тадқиқот йўналишларини чуқур интеграция қилиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг Электр энергиясини ишлаб чиқариш бўлими бош мутахассиси Саидкомил Саидмуродов мамлакатимизда энергетика трансформацияси, «яшил» энергетика лойиҳалари ва электр энергетикаси тизимида амалга оширилаётган модернизация ишлари ҳақида маълумот берди ҳамда Ўзбекистонда «яшил» энергетикани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Мазкур халқаро тадбирлар Ўзбекистон учун замонавий энергетика технологияларини ўрганиш, илғор тажрибалар билан танишиш, халқаро илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизда «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.






