Озарбайжон компанияси юртимиздаги 110 кВ кучланишли учта подстанцияни модернизация қилади
2024-07-23 09:45:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаси Ҳукуматлари ўртасидаги келишувларни мустаҳкамловчи ҳамда энергетика соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларини ривожлантириш, соҳага рақамли технологияларни жалб қилиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ягона энергетика тармоғига интеграция қилиш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан Жаҳон банки иштирокида “Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг бир қисми сифатида республика бўйлаб 110 – 500 кВли 22 та подстанцияда модернизация ва реконструкция ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Жумладан, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларида жойлашган 110 кВ кучланишли “2 А”, “Хазорасп” ва “Чиноз” подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича халқаро тендер савдолари ўтказилди. Тендер натижаларига кўра, Озарбайжоннинг “AZENCO” ОАЖ компанияси ғолиб деб топилди ва 2024 йил 19 июлда ғолиб компания билан лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди.
Ушбу учта подстанциянинг тўлиқ модернизация ва реконструкция қилиниши натижасида қарийб 100 МВА (мегаволт ампер) қўшимча қувват яратилади. Бу, ўз навбатида, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларидаги аҳоли ва саноат истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаш ишончлилигини бир неча баробар оширади.
Озарбайжоннинг “AZENCO” ОАЖ компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа икки давлат ўртасидаги дўстлик ва иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади.
Шунингдек, келгусида энергетика соҳасида давлатлараро ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.