Энергетика вазирлиги мутахассислари Хитойда кам углеродли ва тоза энергетика масалаларига бағишланган халқаро семинарларда иштирок этмоқда
2026-05-15 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари мутахассислари Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги томонидан Хитой нефть университети билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро ўқув семинарларида иштирок этмоқда.
Мазкур тадбирлар ривожланаётган давлатлар ўртасида мулоқот ва тажриба алмашувини кенгайтириш, замонавий энергетика технологиялари бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, «яшил» тараққиёт тамойиллари асосида паст углеродли энергетикага барқарор ўтиш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Семинарлар икки асосий йўналишда ўтказилмоқда. Хусусан, “Ривожланаётган мамлакатлар учун паст углеродли энергетика, углерод чўққиси ва углерод нейтраллигига ўтиш бўйича семинар” ва “Ривожланаётган мамлакатларда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш — тоза энергия мавзуси бўйича семинар”.
Мазкур мавзулар бугунги глобал иқлим ўзгариши шароитида жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнида зарарли ташламаларни қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқларини декарбонизация қилиш бўйича амалий ёндашувлар халқаро кун тартибининг устувор йўналишларига айланган.
Шу нуқтайи назардан, мазкур семинарлар иштирокчи давлатлар учун замонавий технологиялар, илғор тажриба ва инновацион ечимлар билан яқиндан танишиш, соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда энергетика тизимларини экологик жиҳатдан барқарор моделларга трансформация қилиш борасида муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирларда Осиё, Африка, Европа ва Тинч океани минтақасидаги 10 дан ортиқ давлатлар вакиллари иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон, Монголия, Лаос, Камбоджа, Туркия, Шимолий Македония, Миср, Кения, Нигерия, Замбия, Кабо-Верде ҳамда Соломон ороллари энергетика соҳаси ташкилотларидан жами 53 нафар мутахассис қатнашмоқда.
Семинарлар доирасида тоза энергия технологиялари, углерод чиқиндиларини камайтириш механизмлари, «яшил» энергетика инвестициялари, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда барқарор энергетика сиёсатини шакллантириш бўйича маърузалар ва амалий тақдимотлар ўтказилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда «яшил» энергетикани ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугунги кунда республика бўйлаб умумий қуввати 5 582 МВт бўлган 20 та йирик «яшил» электр станцияси, жумладан, 15 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Шунингдек, умумий қуввати 1 545 МВт бўлган 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
Қуёш ва шамол электр станциялари Навоий, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Наманган, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритиб, Ўзбекистон харитасида «яшил» энергетика қамрови тобора кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Ушбу «яшил» электр станциялари томонидан 2022 йилда 434 млн кВт⋅соат, 2023 йилда 576,9 млн кВт⋅соат, 2024 йилда 4,9 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 10,5 млрд кВт⋅соатга етди. 2026 йилнинг ўтган даврида эса 4 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизлик ўсиш қайд этилди.
2030 йилга бориб юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари умумий қувватини 21 ГВтга, жумладан, 9,5 ГВт қуёш ва 11,5 ГВт шамол энергетикаси ҳиссасига етказиш ҳамда йилига 60 млрд кВт⋅соат «яшил» энергия ишлаб чиқариш режалаштирилган.




