“Ўзбекистон энергетика ҳафталиги”: вазир ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди
2026-05-14 17:35:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Бугун, 14 май куни “Ўзбекистон энергетика ҳафталиги — 2026” доирасида Энергетика вазирлиги тизим корхоналари ҳамда олий таълим муассасалари ёшлари иштирокида навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Унда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, шунингдек, тизим корхоналари ва акциядорлик жамиятлари раҳбарлари қатнашди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Айниқса, энергетика соҳасида ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ривожланиши, амалиёт ва бандлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда билдирилган таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда тегишли ечимларни ишлаб чиқиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Энергетика вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.









