Ўзбекистон Энергетика ҳафталиги доирасида “Энергетика соҳасида аёллар: етакчиликка йўл” мавзусида муҳокама сессияси бўлиб ўтди.
2026-05-13 15:00:00 / Янгиликлар

Унда энергетика тармоғида хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг профессионал ва етакчилик салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, инклюзив корпоратив муҳитни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сессияда Энергетика вазирлиги бош мутахассиси Дилшода Рустамова маъруза билан иштирок этди.
У ўз чиқишида Энергетика вазирлигининг гендер стратегиясини тақдим этиб, унда ходимлар учун тенг имкониятларни таъминлаш, энергетика соҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, кадрлар сиёсатида гендер мувозанатини ривожлантириш, шунингдек, гендер белгиси бўйича камситиш ва бирёқлама муносабатларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Муҳокамалар давомида юқори технологияли соҳаларда аёлларнинг карьера ривожи, маданий ва институционал тўсиқларни енгиб ўтиш, ҳиссий интеллект ва етакчилик кўникмаларини ривожлантириш, иш ва шахсий ҳаёт мувозанатини сақлаш, СТEМ таълимини ривожлантириш ҳамда қизларнинг фан ва технологияларга қизиқишини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Сессия якунида энергетика соҳасида хотин-қизлар салоҳиятини кенгайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва профессионал ривожланиши учун янада қулай шароитлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.


