Жаҳонда қайта тикланувчи энергия манбалари генерациясининг улуши 49%га етди
2026-04-28 10:05:00 / Янгиликлар

Жаҳонда қайта тикланувчи энергия манбалари генерациясининг улуши 49%га етди. Фақат 2025 йилнинг ўзида қайта тикланувчи генерация қувватлари 15,5%га ўсиб, рекорд даража — 5 149 ГВтга етди.
Халқаро қайта тикланувчи энергия агентлиги ҳисоботига кўра (IRENA), 2025 йил соҳа тарихида янги қувватларни ишга тушириш ҳажми бўйича энг муваффақиятли йил бўлди — жами 692 ГВт янги қувватлар фойдаланишга топширилди.
Бу жадал ўсишнинг асосий драйвери қуёш энергетикаси бўлди. Янги қувватларнинг қарийб учдан тўрт қисми — рекорд даражадаги 510 ГВт айнан қуёш энергияси ҳиссасига тўғри келди. Иккинчи ўринни шамол энергетикаси эгаллаб, глобал тармоққа 159 ГВт қўшимча қувват киритди.
2025 йил якунига кўра, тўпланган қувватлар бўйича қуёш энергияси етакчи ўринни эгаллади — қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами 5 149 ГВт қувватидан 1 880 ГВти унинг ҳиссасига тўғри келади. Бунда асосий қисмни фотоэлектр қурилмалар (1 872 ГВт) ҳиссасига тўғри келади.
Узоқ йиллар давомида қайта тикланувчи энергия манбаларининг асоси бўлиб келган гидроэнергетика ҳануз катта ҳажмни сақлаб қолмоқда — 1 455 ГВт, аммо унинг улуши камайиб бормоқда. Шамол энергетикаси эса 2025 йилда 1 291 ГВтга етди, шундан асосий қисми (1 199 ГВт) қуруқликдаги қурилмалардир.
Глобал муваффақиятларга қарамасдан, IRENA ҳисоботи қувватларнинг географик тақсимотида номутаносиблик мавжудлигини кўрсатмоқда. Учта асосий марказ инвестицияларнинг катта қисмини ўзлаштирмоқда. Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқи биргаликда 2025 йилда ишга туширилган жами 692 ГВт янги қувватлардан 550 ГВтини ёки умумий кўрсаткичнинг 79,5 фоизини таъминлади.
Осиё 2 890 ГВт қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини жамлаган ҳолда мутлақ етакчи бўлиб қолмоқда (бу дунёнинг қолган қисмидаги жами қувватлардан кўпроқдир). Биргина Хитой 2025 йилда 440 ГВт қувват қўшиб, ўзининг умумий “яшил” портфелини 2 258 ГВтга етказди.
Европа барқарор ўсишни намойиш этмоқда. Умумий қувват 934 ГВтгача кўтарилди, шу билан бирга минтақа генерацияси таркибида ҚТЭМ улуши 62,8 фоизга етди. Шимолий Америка (асосан АҚШ ҳисобига) 613 ГВтлик кўрсаткични қайд этди.
Етакчилар билан қиёсланганда, ривожланаётган минтақалар, фоиз ҳисобидаги юқори ўсиш суръатларига қарамай, анча паст кўрсаткичларни ташкил қилмоқда. Дунё аҳолисининг қарийб 18 фоизи истиқомат қиладиган Африка бор-йўғи 82 ГВт “яшил” қувватларга эга (дунёдаги қувватларнинг 1,6 фоизи).
2025 йилда қитъа 15,9 фоиз ёки 11,3 ГВт қувват қўшди, бу Африка тарихидаги энг яхши натижа бўлди. Бунга Эфиопия, Жанубий Африка ва Миср асосий ҳисса қўшди. Кичик ороллардаги ривожланаётган давлатларда (SIDS) вазият янада мураккаб. Уларнинг умумий қуввати йил давомида 19,6 фоизга ошди, бироқ мутлақ рақамларда бу атиги 11 ГВтни ташкил этади, бу эса дунё бўйича жуда оз — 0,2 фоиз демакдир. Яқин Шарқ эса, аксинча, асосан Саудия Арабистони ҳисобига +28,9 фоизлик шиддатли ўсишни кўрсатиб, 56 ГВтга етди.
Гарчи қайта тикланувчи энергия манбалари дунёдаги барча ўрнатилган қувватларнинг 49 фоизини ташкил этаётган бўлса-да, уларни асосий генерация манбаига айлантириш учун тармоқларни мослаштириш ва тизим мосланувчанлигини таъминлаш бўйича улкан саъй-ҳаракатлар талаб этилади.
