Бугун, 17 апрель куни Энергетика вазирининг навбатдаги очиқ мулоқоти Губкин номидаги нефть ва газ университети талабалари билан бўлиб ўтди
2026-04-17 18:50:00 / Янгиликлар

Бугун, 17 апрель куни Энергетика вазирининг навбатдаги очиқ мулоқоти Губкин номидаги нефть ва газ университети талабалари билан бўлиб ўтди.
Унда Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Губкин номидаги нефть ва газ университети ижрочи директори А.Магрупов, олий таълим муассасасида таҳсил олаётган 250 нафардан ортиқ талабалар, ўқитувчилар ва илмий ходимлар иштирок этди.
Дастлаб Энергетика вазири талабалар билан учрашув давомида бугун, 17 апрель — И.М. Губкин номидаги нефть ва газ университети ташкил этилган сана муносабати билан барча иштирокчиларни самимий муборакбод этди.
Мулоқот давомида асосий эътибор нефть-газ соҳаси учун рақобатбардош ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига қаратилди. Таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан янада яқин интеграция қилиш, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассисларни етиштириш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва илмий-инноватсион фаолиятга кенг жалб этиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Талабалар томонидан илгари сурилган стартап ғоялар ва амалий таклифлар энергетика тизимини ривожлантиришда муҳим омил сифатида қайд этилди.
Учрашувда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, айниқса, йирик нефть-газ лойиҳалари ва ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ имкониятларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Бу борада ёш мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани билдирилди.
Мулоқот якунида эса, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида соҳада муносиб иш ўринлари билан таъминлаш энергетика тизимидаги устувор йўналишлардан бири экани яна бир бор таъкидланди.
Мазкур учрашув Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган анъанавий “Ёшлар куни” (ҳар ҳафтанинг пайшанба куни) доирасида ташкил қилинди.









