Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирокида “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши бўйича навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди
2026-04-04 17:10:00 / Янгиликлар

Бишкек шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Республикалари Энергетика вазирликлари ҳамраислигида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ва вазирлик бўлим бошлиғи ўринбосари Умархўжа Ниғмонов иштирок этди. Томонлар “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ҳукуматлараро келишув лойиҳасини муҳокама қилдилар.
“Қамбарота ГЭС-1” лойиҳаси сув ва энергетика соҳасидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган минтақавий ташаббус ҳисобланади. У Марказий Осиё давлатларининг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги Норин даросида қуввати 1880 МВт бўлган гидроэлектр станциясини қуришни назарда тутади.
Делегациялар таркибига уч мамлакатнинг мутасадди давлат органлари ва соҳавий ташкилотлари вакиллари киритилди. Жаҳон банки вакилларининг кузатувчи сифатида иштирок этиши ушбу ташкилотнинг лойиҳадаги асосий халқаро молиявий шерик сифатидаги муҳим ўрнини тасдиқлайди.
Музокаралар якунида томонлар Ҳукуматлараро келишув лойиҳаси қоидаларини келишиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришни тасдиқладилар. Навбатдаги музокаралар 2026 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
