Коррупцияга қарши курашиш бўйича навбатдаги семинар ташкил этилди
2026-03-18 09:10:00 / Янгиликлар

Энергетика вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаси томонидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти билан ҳамкорликда “Миллий диспетчерлик маркази” давлат муассасаси ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш йўналишида навбатдаги ўқув-семинар ташкил этилди.
Мазкур семинардан кўзланган асосий мақсад — ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ вазиятларни бартараф этиш юзасидан билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Семинар давомида мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилиб, унда белгиланган талаб ва чекловлар, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш механизмлари ҳамда амалиётда учраши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида ҳам маълумотлар етказилди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди ҳамда ўзаро фикр алмашилди.


