Бугун соат 11:00 да электр энергияси истеъмолининг 43 фоизи «яшил» манбалари ҳисобига қопланди
2026-03-13 15:00:00 / Янгиликлар

Бугун, 13 март куни Ўзбекистон энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши бўйича навбатдаги рекорд даражадаги самарадорлик кузатилди.
Хусусан, бугун, соат 11:00 ҳолатига кўра, республика бўйича жами электр энергияси истеъмоли 9 900 МВтни ташкил этди. Ушбу истеъмолнинг 4 300 МВти ёки 43 фоизи айнан «яшил» энергия манбалари ҳисобидан таъминланди.
Истеъмол таркибидаги «яшил» қувватлар:
Қуёш фотоэлектр станциялари — 3 100 МВт;
Шамол электр станциялари — 660 МВт;
Гидроэлектр станциялар — 540 МВт.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда ишга туширилган йирик қуёш фотоэлектр станцияларининг (15 та) умумий қуввати 3 930 МВтни ташкил этади. Ёмғир ва қордан кейинги салқин об-ҳаво қуёш панелларининг самарадорлигини максимал даражага (қарийб 79 фоизга) оширмоқда.
Бу кўрсаткичлар соҳадаги ислоҳотлар нафақат экологик тозаликни таъминлаётганини, балки тизим барқарорлигининг асосий омилига айланаётганини кўрсатяпти.
