Энергетика вазирининг ёшлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтди
2026-03-05 16:30:00 / Янгиликлар

Унда вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ ёш ходимлар иштирок этди.
Мазкур учрашув Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни”ни ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, соҳадаги ислоҳотлар, касбий ривожланиш, инновацияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Энергетика вазири ёшларнинг саволларига батафсил жавоб бериб, улар билан эркин ва самимий суҳбатлашди. Шунингдек, илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни атрофлича кўриб чиқиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Тизимда фаолият юритаётган ёш мутахассисларнинг ташаббускорлиги ва билим салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ўсиши учун зарур шароитларни яратиш вазирлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланиши алоҳида таъкидланди.









