Бугун, 19 февраль куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ёшлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтди
2026-02-19 20:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ ёш ходимлар, бир қатор олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида вазир барча ёшларни муборак Рамазон ойи билан самимий табриклаб, кейинги йилларда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, муносиб меҳнат ва таълим шароитларини яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Бу йўналишда қабул қилинаётган қатор қонун ва қарорлар ёшларнинг барча соҳалардаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Учрашув давомида ёқилғи-энергетика тармоғида ёшларга оид амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.
Хусусан, бугунги кунда соҳада 105 мингдан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Шундан 15 минг 85 нафарини 30 ёшгача бўлган ходимлар ташкил этади. Уларнинг 237 нафари (шу жумладан 7 нафар хотин-қиз) раҳбарлик лавозимларида, 3 минг 316 нафари мутахассис сифатида, 11 минг 532 нафари эса ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритмоқда.
Соҳада кадрлар захирасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда 1 минг 358 нафар олий таълим муассасаси битирувчиси ишга қабул қилинган бўлса, 1 минг 18 нафар йигит-қиз коллеж ва техникумларни тамомлаб, тармоқ корхоналарида меҳнат фаолиятини бошлади. Бу эса ёшларнинг энергетика соҳасига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
Ёш мутахассисларнинг тажрибасини ошириш мақсадида улар хорижий давлатларга хизмат сафарлари ва малака ошириш курсларига юборилмоқда. Жумладан, 2025 йилнинг ўзида 311 нафар ходим хорижда тайёрлов ва қайта тайёрлов курсларида иштирок этди.
Шунингдек, мулоқотда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда йирик қувватли иссиқлик, қуёш ва шамол электр стансияларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам сўз юритилди. Олдинда турган вазифалар кенг қамровли экани, ёшларнинг ташаббус ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида талабалар ва ёш ходимлар ўзларининг илмий изланишлари, инновацион таклифлари, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича фикр алмашдилар.
Шунингдек, янги лойиҳалар, халқаро олимпиадаларда иштирок этиш, спорт ва маданий ташаббусларни ривожлантиришга қаратилган таклифлар қўллаб-қувватланди.
Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтиб, ёшлар учун яна бир муҳим мулоқот майдонига айланди.









